Марказнинг асосий вазифалари:
халқаро меъёрларга мос ҳолдаги «Миллий уруғчилик сиёсати»ни ишлаб чиқиш, уруғчиликни ривожлантиришнинг қисқа ва узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш;
давлат-хусусий шериклик шартлари асосида уруғчилик кластерлари, шу жумладан, кичик уруғчилик ташкилотларини ташкил этиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чораларини кўриш;
жаҳон бозори конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда республика тупроқ-иқлим шароитларига мос қишлоқ хўжалиги экинлари турлари ва навларини аниқлаб, ҳудудларни ихтисослаштириш, уларнинг уруғликлари ва кўчатларини тайёрлаш, фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш, «Uzbek seeds» миллий брендини яратиш;
маҳаллий ва хорижий селекция навлари ҳамда биотехнологик ва ноанъанавий экин турлари навларининг бирламчи уруғчилиги ҳамда кўчатчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш;
қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги соҳасида фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш;
уруғчилик бўйича халқаро ва миллий ташкилотлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш, уруғликларни экишдан олдин ишлов бериш ва қайта ишлашга оид инновацион технологиялар, ушбу соҳадаги ноу-хауларни жорий этиш;
сабзавот ва полизчиликда маҳаллий селекция навларини тиклаш ҳамда F1 дурагай уруғчилигини йўлга қўйиш;
селекция ва уруғчилик соҳасида фаолият юритувчи субъектларнинг моддий-техника базасини модернизациялаш, хорижий инвестициялар ва давлат-хусусий шериклик тизими имкониятларини жалб этган ҳолда ресурс тежайдиган замонавий технологияларни жорий қилиш.
4. Белгилансинки:
элита-уруғчилик хўжаликларида юқори репродуктив (оригинал, суперэлита ва элита) уруғликларни етиштириш нав оригинаторлари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги шартномалар асосида ташкил этилади;
қишлоқ хўжалиги экинларининг элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик материалларини етиштириш ҳуқуқи уруғлик етиштирувчи субъектлар ўртасида танлов ўтказиш орқали берилади;
нав оригинаторлари ва уруғлик етиштирувчи субъектларни рағбатлантириш ҳамда уруғлик материаллари етиштириш учун танловни ўтказиш амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади;
қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғликлари ва кўчатларига бўлган буюртма ҳажми ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси томонидан белгиланади;
Марказ ва уруғлик етиштирувчи субъектлар томонидан уруғлик материаллари ташқи бозорга «Uzbek seeds» миллий бренди остида экспорт қилинади;
Марказ директори, директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
давлат харидлари учун маҳсулот етиштирувчи хўжалик субъектларига лизинг шартлари асосида қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини ва бошқа моддий ресурсларни етказиб беришда назарда тутилган имтиёзлар Марказнинг ҳудудий бўлинмаларига ҳам татбиқ этилади;
ғўзанинг бирламчи ва элита уруғчилиги лабораторияларидаги синов намуналарининг тола сифати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий «Сифат» лабораторияларида бепул таҳлил қилиб берилади;
уруғчилик ва кўчатчилик субъектларининг экин майдонларида тупроқ унумдорлигини оширувчи қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш тизимига қатъий риоя қилинади.