Шрифт катталиги:
Сайтни ранги:

Беда етиштириш бўйича қўлланма

2019-03-27 03:26:50
Бошланиши -
Тугаши -
Утказиладиган жой
Масъул

Навлар. Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятлари учун мос бўлган Тошкент-1, Тошкент-1728, Тошкент-2009, Тошкент-3192, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига маҳаллий Хива, Хоразм-2, Қорақалпоқ-15 ва мамлакатнинг лалми ерлари учун Аридная ва Бойгул навлари республика қишлоқ хўжалиги майдонларига экиш учун тавсия этилган. Шу билан бирга Давлат реестрида чет мамлакатларнинг Виктория (Испания), Гея, Димитра, Лоди, Эмилиана (Италия) навлари киритилган.

Тошкент-1 нави. Нав ўртапишар, совуққа чидамли, юқори ҳосилли, 4-5 марта ўриб олинади, гектаридан 810 ц кўк масса, 250 ц пичан олиш мумкин. Баргдорлиги 39-45%. Ўсимликлардаги протеин моддасининг миқдори 16,3-18,7%. Бу нав Андижон, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларига экиш учун тавсия этилган.

Тошкент-1728 нави. Ўртапишар нав. Суғориладиган ерларда биринчи йили
3-4 марта, кейинги йиллари 5-6 марта пичан учун ёки 1 марта уруғлик учун қолдирилиб,
3 марта озуқа учун ўриб олиш мумкин. Ўсимликлардаги протеин моддасининг миқдори 18,2-20,4%. Баргдорлиги 40-45%. Бундан ташқари, бу нав беда ширасига чидамлилиги билан фарқланади. Бу нав Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларга экиш учун тавсия этилган.

Тошкент-2009 нави. Ўртапишар нав. Суғориладиган ерларда биринчи йили 4 марта, кейинги йиллари 5-6 марта пичан учун ёки 1 марта уруғ учун ва 3-4 марта озуқа учун ўриб олиш мумкин. Бу нав Андижон, Бухоро, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларига экиш учун тавсия этилган.

Тошкент-3192 нави. Эртапишар нав, баҳорда ва ўримдан кейин тез ўсади, вегетация даври 112 кун. Суғориладиган ерларда мавсумда 5-6 марта ўриб олиш мумкин. Гектаридан 130-188 ц пичан олиш мумкин. Нав республиканинг барча вилоятларидаги суғориладиган ерларга экиш учун тавсия этилган.

Хива маҳаллий нави. Ўзбекистоннинг маҳаллий нави бўлиб, Қорақалпоқ Республикаси ва Хоразм вилоятида қадимдан экилади. Бу нав 30-35о совуққа чидамлилиги, баҳорда ва ўримлардан кейин кеч ўсиши, кузда эса ўсишдан барвақт тўхташи билан ажралиб туради. Илдиз бўғзи ерда чуқур жойлашган, туплари сершох ва сербарг (35-44%) бўлиб ер бағирлаб унчали баланд бўлмасдан ўсади. Суғориладиган ерларда вегетация даврида 2-4 (лалми ерларда 1-2 марта) ўриб гектаридан ўртача 645 ц кўк масса, 213 ц гача пичан олиш мумкин.

Қорақалпақ-15 нави. Эртапишар нав. Биринчи йили униб чиққандан биринчи ўримгача бўлган давр 60-70 кун, иккинчи ўримгача 25-28 кун, учинчи ўримгача 32-33 кун. Пояси тик ўсади, бўйи 75-95 см. Пояси ётиб қолмайди. Баргдорлиги 44-48%. Кўк масса ҳосидорлиги 330 ц/га.

Хоразм-2 нави. Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятининг суғориладиган ерларига экиш учун тавсия этилган. Пояси тик ўсади. Пояси ётиб қолмайди. Кўк масса ҳосидорлиги 330 ц/га. Протеин миқдори 18,3-21,6 %. Биринчи йили униб чиққандан биринчи ўримгача бўлган давр 65-75 кун, иккинчи ўримгача 30-35 кун, учинчи ўримгача 38-45 кун.

Аридная нави. Ўртапишар, вегетация даври 110 кун. Баҳорда униб чиқишидан то гуллай бошланишига қадар 65 кун талаб этади. Совуққа чидамли. Экилганидан бир йил ўтгач, 1-2 марта ўрилади. Гектаридан 54 ц пичан, 1,7 ц уруғ, 164 ц кўк масса олиш мумкин. Нав Жиззах вилоятининг лалмикор ерларга экиш учун тавсия этилган.

Бойгул нави. Ўртапишар нав. Совуққа чидамли. Экилганидан бир йил ўтгач,
1-2 марта озуқага ўрилади. Гектаридан 49 ц пичан, 1,4 ц уруғ, 150 ц кўк масса олиш мумкин. Пичан такибидаги протеин моддасининг миқдори 17,2%, клетчатка 25,8%. Бу нав Жиззах вилоятининг лалмикор ерларига экиш учун тавсия этилган.

Эмилиана нави. Италия селекциясига мансуб нав. Республиканинг барча вилоятларида экишга тавсия этилади. Эксплуатация даври 5-7 йил. Тез етилувчан нав - бир йилда 6-7 ўримни амалга ошириш мумкин. Бошқа беда навларига қараганда ушбу нав илдизларининг узунлиги хисобига сувсизликка ва совуққа жуда чидамли. Ҳосилдорлиги - кўк массаси 100-120 т/га. Қуруқ массаси: 25-30 т/га. Ўримга келиш вакти 24-26 кун.

Гея нави. Италия селекциясига мансуб нав. Республиканинг барча вилоятларида экишга тавсия этилади. Совуқ қиш ва иссиқ ёз ойларига эга кескин континентал иқлим шароитига яхши мос келади. Кишдан сўнг жуда тез уйғонади. Етиб қолишга чидамли. Ҳосилдорлиги - кўк массаси 80-100 т/га.

Лоди нави. Италия селекциясига мансуб нав. Республиканинг барча вилоятларида экишга тавсия этилади. Хар ўримдан кейин жадал ривожланадиган, жуда чидамли нав, шу сабабдан озуқа ишлаб чикариш учун жуда қулай хисобланади. Лоди стрессли шароитларга идеал даражада мос келади. Хашаги таркибида хом протеин миқдори юкори даражада. Лоди баргли нав. Ўримга келиш вакти 22-24 кун. Ҳосилдорлиги - кўк массаси 80-100 т/га.

Биологияси. Беда кўп йиллик ўсимлик. Беда уруғининг униб чиқиши учун ҳарорат камида +1+2о, ўртача +15+20о, энг кўпи +25+30о бўлиши керак. Беданинг ёш майсалари битта оддий баргли даврида 5-6о совуққа чидайди. Етук беда ўсимлиги қалин қор  қатлами остида 40о гача, қор қатлами бўлмаганда эса 15-20осовуққа бардош беради.

Майдонни танлаш ва тупроқни экишга тайёрлаш. Беда турли тупроқ шароитидаги ерларда ўсиши мумкин, лекин нейтрал ёки сал ишқор реакцияли ва текис рельефга эга майдонлар беда учун қулай ҳисобланади. Беда жуда шўрланган, ботқоқ ва оғир ўтказувчан лойли тупроқларда яхши ривожланмайди.

Ҳайдашдан аввал ерларга гектарига соф холда 80-100 кг фосфорли ўғитни солиниши уларни агрофизик хусусиятларини яхшилашга, экилган беда текис униб чиқиб соғлом ривожланишига ва ҳосилдорликни оширишига қулай шароит яратиб беради.

Эрта баҳорда ер тобига келиши биланоқ ерларни тишли борона воситасида изма-из икки марта албатта бороналаш, кенг базисли текислагич билан ер юзини текислаш,  мола билан бостириш лозим. Ерларни сифатли текислаш ва молалашга алохида эътибор бериш зарур.

Экиш. Беданинг кондицион уруғларини эрта баҳорда жанубий вилоятларда
10 мартгача, марказий вилоятларда 20 мартгача ва шимолий вилоятларда 1 апрелгача экиш энг муқобил муддат хисобланади. Уруғ сеялкаларда 2-3 см (қаттиқ тупроқларда
1-2 см) чуқурликда қадалади. Экиш меёри гектарига 18-20 кг.

Республиканинг кўпчилик хўжаликларида беда ёппа экилган майдонларда етиштирилади. Биринчи йили бедадан кўпроқ озуқа массасини олиш мақсадида, ғалла экинлари билан коплама қилиб экилади. Бунда гектарига 50 кг дан арпа ёки сули  билан биргаликда экиш яхши самара беради. Экиш билан бир вақтда ёки эртаси куни  60 (70) см суғориш учун ариқлар олинади.

Ўзбекистон иқлим шароитида беда кузда ҳам экилади. Бу ҳолда уруғ кўкариб, ўша йилдаёқ илдиз отади, қишга келиб ниҳоллар бақувватлашиб, чидамли бўлади. Кузда экилган беданинг биринчи йилдаги ҳосили эрта баҳорда экилган бедага нисбатан
1,5-2 баробар ортиқ бўлиши кузатилган.

Кузда экилган беда самарали бўлиши учун уруғ қисқа муддатларда тўла ва қийғос униб чиқишини таъминлаш, ниҳоллар тез ўсиши учун оптимал шароит вужудга келтириш зарур. Шунда беда совуқ туриб, мавсум охирлагунга қадар 30 см гача ўсади, яхши илдиз отади, бақувват бўлади. Беданинг эрта кузда экишнинг оптимал муддати август-сентябрнинг бошлари ҳисобланади. Ўзбекистоннинг шимолий ва марказий туманларида беда экиш ишларни 1 сентябрда, жанубий туманларда эса 15 сентябрда тугаллаш лозим.

Қорақалқоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб, беда экиш учун ажратилган майдонларни шўрланганлик даражасини инобатга олган ҳолда камида 2-3 марта шўр ювиш талаб этилади.

Ўғитлаш. Кузги шудгорлаш пайтида гектарига 20-40 тонна чириган гўнг, 100-150 кг фосфор, 60-70 кг калий солинади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, шўри ювиладиган майдонларда минерал ўғитларнинг йиллик нормасини кузги шудгорлаш олдидан фақат бир қисми (1/3 қисми) ни ерга берган маъқул. Яхшиси, эрта баҳорда экиш олдидан минерал ўғит ерга киритилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Беданинг ҳаводан азотни ўзлаштирадиган тугунак бактериялар билан симбиози  уч йил ўсиши давомида тупроқда 400-600 кг атрофида биологик азот тўплайди.

Азотли ўғит бедазорга солинса бедани вегетатив органларини ўсишини кучайтиради. Бедани экиш вақтида, яъни тугунак бактерияларнинг азотни ўзлаштириш қобилияти тўлиқ равишда бўлмаганда, кам дозаларда (30-60 кг/га) азотли ўғит солинса, бедани бошланғич даврда ривожланишига қулай шароит яратади.

Суғориш. Суғориш – бедадан  юқори  ҳосил олишнинг энг мухим шартидир. Эндигина униб чиққан нихолнинг илдизи тупроқнинг юза қатламида ривожланади. Шу туфайли етарли намликни сақлаш учун далаларни оз-оз норма билан тез-тез суғориб туриш талаб этади. Илдиз системаси чуқурлаша борган сари суғориш муддатлари ва нормаси ҳам ўзгара боради. Суғориш муддатлари ва нормаларини белгилаш, беданинг сувга бўлган эҳтиёжининг аниқлашда, қиш-баҳорда ёғин-сочинни, ҳавонинг ҳароратини, нисбий намлигини, тупроқ ва тупроқ ости қатламларининг физикавий хусусиятларини, даланинг нишаблигини, ер ости сувларининг жойланиш чуқурлигини, беданинг ривожланиш фазаларини, ўриб олиш ва ҳоказоларни эътиборда тутиш зарур. Ана шу омиллардан келиб чиқиб бедани биринчи бор суғоришга ўсимликларнинг бўйи 10-12 см га етганда киришилади ва биринчи йили экилган бедазорларнинг дастлабки ўримгача гектарига 600-1000 куб.метр нормада 2-3 марта суғориш керак. Кейинги ўримларда ва икки-уч йиллик бедапояларда ҳар ўримида 2-3 мартадан суғорилади.  

Йиғим-терим ишлари. Беда Е-302, КИР-1,5, КПИ-2,4 маркали косилкалар билан ёки хўжаликда мавжуд бўлган, беда ўриш билан бир вақтда уни майдалаб, қаторларга уюм-уюм қилиб кетадиган бошқа турдаги механизмлар билан ўрилади. Бир йилда суғориладиган ерларда бедани 4-5 марта ўриб олиш ва гектаридан 600-800 ц кўк масса ҳосили етиштириш мумкин.

http://urugmarkaz.uz/public/uploads/Beda%20qullanma.pdf