Ғўза апробацияси уруғлик пахта етиштириш ваколатига эга бўлган уруғчилик хўжаликларининг уруғлик пахта экилган майдонларида ўтказилади.
Апробация ўсимлик навининг генетик жиҳатидан тозалиги, касалликларга, зараркунандаларга чидамлилиги ва экишга мўлжалланган уруғликнинг умумий ҳолатини аниқлаш мақсадида ўтказилади.
Жорий йилдаги апробация уруғлик пахта майдонларида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўзпахтасаноат” акционерлик жамиятининг қўшма баёнига асосан ўтказилади.
Жорий йилда Республиканинг тендердан ўтган 4564 та уруғчилик фермер хўжаликларининг 143,0 минг гектар майдонида давлат реестрига киритилган эртапишар навларнинг 15 таси, ўртапишар навларнинг 5 таси, истиқболли навларнинг 25 тасида апробация ўтказиш белгиланган.
Апробация ўтказиш жараёнида касаллик ва зараркунандалар билан зарарланмаган, нав тозалиги стандарт талабларига жавоб берадиган, серҳосил уруғлик майдонлар танлаб олинади.
Бугунги кунга келиб, ўтказилган апробация натижаларига кўра, Республика бўйича 1358 та фермер хўжалигининг 9761 гектар (6,8%) майдони яроқсизга чиқарилди. Шундан 1249 нафар фермер хўжаликларининг 6860 гектар (4,8%) майдони қисман, 109 нафар (2,0%) фермер хўжаликларининг 2901 гектар майдони тўлиқ яроқсиз деб топилди.