Шрифт катталиги:
Сайтни ранги:

НАМАНГАН ВИЛОЯТИ УРУҒЛИК ПАХТА МАЙДОНЛАРИДА ДАЛА АПРОБАЦИЯСИНИ ЎТКАЗИШГА ОИД СЕМИНАР

2022-08-04 05:34:03

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан Наманган вилоятининг Элита уруғчилик хўжалигида Уруғлик пахта майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш бўйича кўргазмали ўқув семинари бўлиб ўтди. Семинар давомида уруғлик учун ажратилган ғўза майдонларида апробация ўтказиш, уруғлик пахтани териш, қабул қилиш ва сақлаш масалалари муҳокама етилди.

Тадбирда ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, илмий-тадқиқот институтлари, Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази вакиллари, апробация комиссияси аъзолари, ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича экпертлар, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарларидан иборат 150 дан ортиқ иштирокчилар қатнашишди.

Ҳудудий ўқув-амалий семинарни қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешайев ғўза навларини тўғри жойлаштириш ва сифатли уруғлик жамғаришда ғўза апробациясининг мақсад ва вазифаларига бағишланган кириш сўзи билан очиб берди.

Семинар доирасида олимларнинг соғлом уруғлик фондини яратишда ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий вазифаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Уруғчиликни ривожлантириш маркази директори Ш.Мамажонов уруғлик майдонларда апробация кўрикларини ўтказиш, навга хос бўлмаган ғўза тупларидан тозалаш, ҳосилини териб олиш тартиби ва яроқсиз деб топилган майдонлардан уруғлик пахта теришга йўл қўймаслик тўғрисида семинар иштирокчиларига сўзлаб берди.

Шунингдек, тадбир давомида қатнашчилар Наманган элита уруғчилик хўжалиги дала майдонида бўлиб, уруғлик учун этиштирилаётган ғўзанинг “Aндижон-35” нави хусусиятлари билан танишиб чиқишди.

Ҳар йили пахта этиштирувчи фермер хўжаликларини келгуси йилда юқори ҳосилли ҳамда уруғлик чигити билан узлуксиз таъминлаб бориш мақсадида, пахта экилган майдонларда апробация тадбирлари ўтказилади. Ғўза апробацияси навларнинг элита ва авлодли экилган майдонларида навнинг ҳақиқий нав тозалиги (навдорлиги), нав аралашмалари, ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандалар билан зарарланганлик даражаси ҳамда кутилаётган умумий пахта ҳосили, уруғлик пахта миқдори ва ундан олиниши кутилаётган уруғлик чигит миқдорини аниқлаб бериши билан муҳим тадбир ҳисобланади.

Маълумот учун: апробация –маълум бир навга мансуб ўсимликларнинг нав тозалигини ёки типиклигини, экинлар орасида бегона ўтлар бўлишини, касаллик ва зараркунандалар томонидан зарарланишини аниқлаш мақсадида уруғликни дала шароитида текшириш жараёни.