Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июнда “Ўзбекистон Республикасида замонавий уруғчилик кластерларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 512-сонли қарори қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 21 июнда “Ўзбекистон Республикасида замонавий уруғчилик кластерларини ташкил этиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги 512-сонли қарор ижросини таъминлаш билан боғлиқ чора тадбирлар тўғрисида 99-сонли ва 2019 йил 10 июлда “Уруғчилик кластерларини ташкил этишда инвесторлар танловини ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар тўғрисида”ги 108-сонли буйруқлари чиқарилди. Унга кўра уруғчилик кластерларини ташкил этишда инвесторларни танлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, “Ўздонмахсулот”АК, “Ўзпахтасаноат” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хузуридаги Давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигидан иборат танлов комиссияси тузилган бўлиб, “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” танлов комиссиясининг ишчи органи этиб белгиланди.
Танловнинг биринчи босқичи жорий йилнинг 12 август куни Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Ж.Тешаев бошчилигида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида вазирлик биносида ўтказилди. Танловда Фарғона ва Самарқанд вилоятидан жами 5 нафар замонавий уруғчилик кластерига давогар инвесторлар қатнашди. Инвесторлар томонидан икки нусхада тақдим этилган конвертлардан бири инвестор иштирокида комиссия томонидан очилиб, комиссия аъзолари биргаликда ўрганиб чиқдилар. Инвесторлар киритган таклифлар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Танловга топширилган хужжатларни батавсил ўрганиб чиқиш ишчи органга топширилди. Унга кўра ишчи орган 3 кун муддатда тегишли хужжатларни кўриб чиқиб, комиссияга хулоса учун тақдим этади ва комиссия охирги хулосани эълон қилади. Барча танлов иштирокчиларига омад тилаб қоламиз.